Кутубхона ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича услубий қўлланма

АБУ АЛИ ИБН СИНО НОМИДАГИ БУХОРО ВИЛОЯТИ

АХБОРОТ – КУТУБХОНА МАРКАЗИ

ИЛМИЙ – УСЛУБИЙ БЎЛИМИ

“ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ ВА МАЛАКА ОШИРИШНИ ТАЪМИНЛАШДА АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ.”

/Кутубхона ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича услубий қўлланма./

Тузувчи: ИУБ бўлим мудири Саидова И.

Бухоро – 2007 й.

М У Қ А Д Д И М А

Кутубхоначилик ишининг ривожланиши кутубхоначи кадрлар тайёргарлик даражаси ва сифатига боғлиқдир. Янги педагогик технологияларидан унумли фойдаланиш, кадрлар тайёрлаш соҳасида янги ёндошувларнинг пайдо бўлишига ва таълим тизимининг самарали бўлишига катта имкониятлар яратади.
Мамлакатимиздаги ва чет эллик кўплаб мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда олий ўқув юртини тугаллаётган битирувчилар ҳозирги кунда фойдаланилаётган ва беш йил кейин кутубхона – ахборот тизимларида фойдаланишга мўлжалланаётган барча турдаги дастурий – техник воситалардан фойдалана билиши лозим.
Ўзбекистоннинг жаҳон ахборотлар фазосига фаол кириб бориши Республика ҳаётининг барча соҳаларида ўзгаришлар содир бўлишига олиб келди, жумладан ахборот технологияларини татбиқ қилишга катта эътибор берила бошланди. Кутубхоналарнинг таълим тизимидаги ўрни ва мавқеи ҳамда бажарадиган вазифалари, электрон кутубхоналар, кутубхоналарни автоматлаштириш тўғрисидаги бир қатор мақолалар республиканинг вақтли матбуотида ва илмий журналларида эълон қилинди. Бу ҳолат республика жамоатчилигининг кутубхоначилик ишига бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика аҳолисини ахборот – кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз кутубхоначилиги тарихида туб бурилиш ясайдиган ҳужжат бўлди.
Мазкур қарорда нафақат кутубхоначилик тизимида, балки бутун республика ахборот инфратузилмасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош омиллари акс этган.
Жамиятда миллий мафкурани шакллантириш, ёшларни бой маданий меросимизга бўлган қарашларини янада такомиллаштириш каби вазифалар биринчи ўринда туради. Бу борада кутубхоначиларнинг маҳорати ва иши муҳим аҳамият касб этади.
Барча соҳа каби бизнинг кутубхоначилик соҳасида ҳам малакали кадрларни тайёрлаш ва жой – жойига қўйиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Кутубхона ходимларининг малакасини ошириш кутубхона услубшуносларининг асосий вазифаларидан биридир. Бу ўринда вилоят АКМ да турли мазмундаги ва шаклдаги ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу услубий қўлланма кутубхоначилик соҳаси жамоатчилиги учун фойдадан ҳоли бўлмайди, деган умиддамиз. Ундан АКМ ва АРМ лари ходимлари, кутубхоначилар ҳамда маданий – маърифий ва ахборот хизмати кўрсатувчилари ходимлари фойдаланишлари мумкин.

КУТУБХОНАЧИЛИК: КАСБ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ.

Ахборот ва коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланаётган асрда ахборот сиёсати маданий сиёсатнинг бир бўлаги ҳисобланади. Республикада аҳолининг ахборот – кутубхона ресурсларидан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш, давлатимизнинг жаҳон ахборот оқими билан тўлақонли ҳамкорлиги, ахборот ва телекоммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида бир қанча қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги (1993), “Ўзбекистон Республикаси ахборотлаштириш концепцияси” (1994), кейинроқ миллий ахборотлаштириш тизимини шакллантириш, ахборотдан фойдаланиш бўйича ўсиб бораётган талабларни қондириш мақсадида “Электрон” тижорат тўғрисида” (2003), “Электрон ҳужжатлар айланиши тўғрисида” (2003), “Электрон рақамли ёзувлар тўғрисида”ги (2004) қонунлар, “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ва “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш чора – тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (2002) йилда қабул қилинди.
Бутун ахборот имкониятлари асосан кутубхоналарда йиғилган бўлиб, фойдаланувчилар шу ерда кутубхонада йиғилган ёки узоқдаги ахборотдан фойдаланишлари мумкин. Ахборот ва Интернет технологияларининг ривожланиши, кутубхоналарга ўз ресурсларини тартибга келтириш, электрон маълумотлар базасини яратиш, ахборот ресурсларини кооперациялаш, уларга эркин кириб, фойдаланишни таъминлаш имконини берди.
Республика кутубхоначилик соҳасини ислоҳ қилиш ахборот – ресурс ва ахборот – кутубхона фаолиятини белгилаб берувчи ҳуқуқий – меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ахборот – кутубхона ишининг асосий методлари ва шаклларини қайта кўриб чиқиш, анъанавий иш шаклларидан ахборотлаштиришни ҳисобга олган янги, ўта такомиллашган ва самарали методларни жорий этиш ва фойдаланишга ўтиш заруратини келтириб чиқарди.
Кутубхона ишида ишни яхши ташкил этиш, истеъмолчининг ҳужжатга ва библиографик ахборотга бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш учун, биринчи ўринда мутахассис кадрларни кутубхона ишига жалб этиш, ходимлар ўртасида меҳнатни тўғри тақсимлаш зарурдир.
Ҳар бир кутубхона ўз ходимларини касб малакасини ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ошириши ва бошқа кутубхоналар билан ҳамкорликда тажриба алмашиш йўли билан турли семинарлар ўтказиш мумкин.
“Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ва “Таълим тўғрисида”ги қонунда ҳам Ўзбекистоннинг келажаги ва тараққиёти учун барча соҳада етук малакали кадрлар тайёрлаш мақсад қилиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 17 – моддасида кутубхоналар мактабдан ташқари таълим муассасаси деб таъкидланган. Шундай экан, кутубхонага китобхон нафақат ахборот олиш мақсадида, балки билим олиш, яхши бир бадиий асарни ўқиш ёки ўрганиш учун келади. Ёш авлодни ҳар томонлама етук баркамол қилиб тарбиялашда, кутубхонанинг барча ходимларидан, ўз ишини яхши билиш, етук мутахассис, касбининг жонкуяри бўлиш талаб қилинади.
Маълумки бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши, жамиятнинг маънавий янгиланиши, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришни, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишни таъминлайдиган демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қурмоқда.
Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишининг ўзига хос йўлини танлаши кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тузилмаси ва мазмунини қайта ташкил этилишини зарур қилиб қўйди.
Жамият тараққиётида аста – секинлик билан кутубхоналар мавқеининг тиклана бориши, аҳолининг ахборотларга, китоб, газета, журналларга бўлган эҳтиёжини орта бориши кутубхона ходимларининг зукко, билимдон бўлишларини тақозо этмоқда.
Жамият таррақиётининг тез суръатлар билан ривожланиши, кутубхоналар иш фаолиятига янги технологияларнинг кириб келиши, кутубхоналарда фаолият олиб бораётган кутубхона ходимлари режа асосида малакаларини ошириш ва қайта тайёрлашни тақозо этмоқда. Кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни такомиллаштириш мақсадида қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
• кутубхоначи кадрларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни янгича таркиб, мазмун асосида ташкил қилиш ҳамда бу тизимни бошқаришни шакллантириш, эътиборни қаратиш;
• бозор иқтисодиёти шароитига ўтилиши муносабати билан кутубхоналарга менежмент, маркетинг асосларини пишиқ – пухта ўргатиш;
• замон талабларидан келиб чиққан ҳолда профессионал тренинг илғор технологияларни ишлаб чиқиш, яратиш ва амалий ўзлаштириш ва ҳ.к. лар.

Кутубхоналар билан ҳамкорликда коллеж ва лицейлар АРМ лари учун услубий ва библиографик қўлланмалар яратиш, услубий ва амалий ёрдам бериш, улар учун семинарлар, анжуманлар, қисқа курслар ташкил этиш режалаштирилди. Мақсадимиз кутубхоналарнинг аҳоли ва жамоатчиликка таъсирини ошириш, кишиларда кутубхоналар ва кутубхона ходимлари ҳақидаги ижобий фикрни, тасаввурни бойитиш, жамият ҳаётида кутубхоналар ва кутубхоначилар ўрнининг беқиёс эканлигини кўрсатиб бериш ва бунга ишонтиришдан иборат. Зеро, кутубхонасиз, китобсиз жамиятнинг тараққиётини, келажагини тасаввур этиб бўлмайди.
Кадрларни тайёрлашда замонавий ахборот технологияларидан сабоқ бериш ҳам йўлга қўйилмоқда. Кутубхоналар ишини автоматлаштириш, Интернет тизимидан фойдаланиш каби курслар режалари, дастурлар ишлаб чиқилди.

АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН КУТУБХОНА НИМА?

Кутубхона жараёнларини автоматлаштиришда кутубхона технологияларининг тизимий таҳлили. Автоматлаштирилган кутубхона – ахборот тизимининг кадрлар таъминоти.
Ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий – иқтисодий юксалиши, хусусан фан, таълим ва маданият ривожи учун асосий шартлардан бири турли соҳаларга оид зарур ахборотларни тезкорлик билан олиш имкониятига боғлиқдир. Бу мақсадга эришишда кутубхоналар фаолиятини янги ахборот технологиялари билан қуроллантириш катта аҳамият касб этади. Айниқса кутубхона фаолиятининг асосий жараёнлари: ахборотларни йиғиш, ишлов бериш, сақлаш, қидириш ва истеъмолчиларга етказиб беришга замонавий телекоммуникация каналлари воситасида электрон технологияларни қўллаш самарали натижалар беради. Кутубхоналарда хизмат кўрсатиш турлари кескин кенгайиб бормоқда: Интернет тармоғидан фойдаланиш, ахборот – таҳлилий материалларни жамлаб бериш, кутубхона каталогларининг электрон кўриниши ва тўлиқ матнли маълумотлар базаларини китобхонларга тақдим этиш шулар жумласидандир.
Аслида компьютер техникаси билан таъминланганлик, интернетга уланган маҳаллий тармоқлар яратилишининг ўзи электрон кутубхона тушунчасини билдирмайди, бу – компьютерлашган кутубхона дегани холос ва бундай кутубхоналар бизда оз эмас.
Автоматлаштирилган кутубхоналарда асосий фаолият ва ахборот – кутубхона хизмати, яъни каталоглаштириш, фондларни тўлдириш автоматлаштирилган, электрон кутубхоналарда эса ахборот ресурслари электрон ҳолатга ўтказилган, яъни рақамлаштирилган бўлади. Электрон каталог яратиш имкониятини берувчи библиографик ахборотларни тақдим қилиш, миллий ахборот ресурсларини жаҳон миқёсига олиб чиқишда халқаро андозаларда ишлашга ўтиш учун катта ишларни амалга ошириш зарур. Қолаверса, бу бой маданий меросимиз ва замонавий адабий жараёнлар билан бутун дунёни таништириш имкониятларини очади.
Ўзбекистонда 30 га яқин олий ўқув юртлари ва кутубхоналар халқаро талабларга мос келувчи автоматлаштирилган кутубхона тизимига эга. Уларда халқаро форматларга мувофиқ келувчи “ИРБИС” тизимидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Фақат ҳозирча бу иш уларнинг ўз ташаббуслари билан амалга оширилган.
Қарорда таъкидланганидек, “ZiyoNET” га уланган ва автоматлашган ахборот – ресурс марказлари аҳолининг барча қатламларига зарур илмий – маърифий ва бизнес ахборотларни олишда муҳим манба саналади. Хуллас, одамларнинг ишхона ёхуд ўз уйидан чиқмай туриб, зарур маълумот ёки адабиётларнинг электрон нусхасини мазкур марказлар орқали интернетдан олишига эришиш қарорда кўзда тутилган пировард мақсадлардан биридир.
Бироқ, ахборот – ресурс ёки ахборот – кутубхона марказларининг ташкил этилиши анъанавий кутубхона хизматидан воз кечиш дегани эмас. Балки, асосий муддао замонавий воситалар ёрдамида аҳолини, айниқса, ёшларни китобга яқинлаштириш, ахборот, билим олишга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборатдир.
Керакли ахборотни олиш учун янги ахборот технологияларидан фойдаланилганда манбаларни қидириб топиш имконияти юз марталаб ошади. Телекоммуникация воситаларини қўллаш эса ахборот манбаининг қандай масофада турганидан қатъий назар унга тезкорлик билан эга бўлиш имкониятини яратади. Бу кутубхоналарни автоматлаштириш ва ташкилий – техника воситаларини қўллаш орқали уларни ахборот ресурслари марказларига айлантириш билан бирга, бундай янги турдаги кутубхоналар “электрон кутубхона”, “виртуал кутубхона”, “автоматлаштирилган кутубхона” сингари номлар билан аталмоқда.
Автоматлаштирилган кутубхона (АК) – бу шундай кутубхонаки, унинг функцияси, айниқса кутубхона ахборот хизмати асосан автоматлаштириш (компьютерлар, серверлар, ташкилий – техника воситалари, дастурий комплекслар) ва телекоммуникация воситалари ёрдамида амалга оширилади. Замонавий АК яратиш мураккаб ва серҳаражат тадбирдир. У юқори малакали касб эгалари: дастур тузувчилар, системачи техникларни жалб қилишни, кутубхоначиларни қайта тайёрлашни тақозо этади.
АК лойиҳалаштиришда хатога йўл қўйилса нафақат фойдаланишга мўлжалланган қимматбаҳо ахборот технологиялари самарасини камайтириб юборади, балки, умуман, кутубхона иши самарасини пасайтириб юбориши мумкин.
АК тизимларининг ривожи ахборот технологияларининг умумий ривожини ўзида тўлиқ акс эттиради.
Кутубхоналарда компьютерлардан ва Интернетдан фойдаланиш янги имкониятларни яратди. Бу эса ўз навбатида турли физик ташувчилардан (магнитли тасмалар, дисклар, СD-ROMлар ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда электрон ҳужжатларнинг кенг тарқалишига олиб келди. Бунда масофадан туриб ахборот олиш ва ахборот узатишнинг роли беқиёсдир.
Китобхонларга хизмат кўрсатишнинг замонавий шаклларини ўзлаштира борган кутубхоналар ўз кучларини электрон ҳужжатлар ва Интернет ресурсларидан фойдаланишга йўналтирдилар.
АК – бу кутубхона ишини ташкил этишнинг илғор формаси ҳисобланади. АК хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириб, китобхонларга тезкорлик билан хизмат кўрсатишни таъминлайди.
АК таркиби. АК тизими фаолиятини таъминлаб турувчи қуйидаги қисмларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
Тил таъминоти – АК да ишлатиладиган тил воситалари мажмуи. Тил таъминоти ўз ичига атамалар, тушунчалар, юқори даражадаги тилларни, кодлаштириш тилларини ва библиографик ахборот тавсифини олади.
Ахборот таъминоти – ахборот массивлари мажмуи, библиографик ахборотлар таснифи ва кодлаштириш, библиографик форматлар, маълумотлар базаси. Ахборот ва тил таъминотини бир – биридан ажратиш мумкин эмас. Бу иккаласини ахборот тил таъминоти сифатида бирлаштириш мумкин.
Техник таъминот – кутубхона жараёнларини механизациялаштириш ва автоматлаштиришга мўлжалланган техник воситалар (шахсий компьютерлар, оргтехника, серверлар, принтерлар ва ҳ.к.) мажмуи.
Ташкилий таъминот – АК нинг ташкилий тузилиши ва лавозимлар учун йўриқномалар мажмуини ўз ичига олган ва кутубхонани бир маромда ишлаши учун лозим бўлган фармойиш ва бошқа расмий ҳужжатлардир. Кутубхона ташкилий тузилмаси ундаги турли бўлимларнинг фаолиятини тартибга солади.
Кадрлар таъминоти – АК фаолиятини юритувчи ходимлар мажмуи, кадрлар малакасини турли таъминот кўринишлари (техникавий, ахборот ва дастурий таъминотлар) га мос равишда сақлаб туришга мўлжалланган тадбирлар. Кадрлар таъминоти яна кутубхоначилар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, АК дан фойдаланишнинг замонавий усулларини ўқитишни ҳам ўз ичига олади.
Услубий ва ҳуқуқий таъминот – АК фаолияти учун зарур услубий кўрсатмалар, ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар мажмуидир.
АК нинг бу таъминоти кутубхоначилар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб беради. Услубий ва ҳуқуқий таъминот кутубхоналар ва унга яқин соҳалар (ахборот технологиялари, Интернет, электрон ресурслар, ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи ва бошқалар) ни ривожлантиришга мўлжалланган ҳукумат Қарорларини ўз ичига олади.
Дастурий таъминот – кутубхона жарёнларини автоматлаштиришга мўлжалланган дастурий воситалар мажмуи. Бунга АК тизимини ташкил қилувчи дастурлар киради, яъни ахборот қидирув тизими, штрих кодлаш тизими.
Иқтисодий таъминот – АКни молиялаштирувчи воситалар мажмуи. Бунга давлат ташкилотларидан олинадиган маблағлар, давлат дастурларидан ажратиладиган маблағлар ва бошқалар киради.
Иқтисодий таъминотга халқаро ва маҳаллий фондларнинг грантларини ҳам қўшиш мумкин.
Таълим тизимидаги кутубхоналар фаолиятининг ута мураккаблиги, яъни адабиётларни руйхатга олиш, саклаш, фанлар буйича системавий каталоглар яратиш, керакли адабиётларни оператив кидириш, китобхонлар эхтиёжини уз вактида бажариш, кутубхоналар уртасида адабиётлар алмашинувини олиб бориш, ахборотларни таркатиш, кутубхона фондини ривожлантириш ва х.к., адабиётлар билан ишлашнинг электрон шаклини жорий этишни такозо этади.

ИРБИС – ИНТЕГРАЛ КУТУБХОНА АХБОРОТ ТИЗИМИ.

Ирбис дастури – бу кутубхоналарни автоматлаштириш борасида қилинган ҳозирги пайтдаги энг мукаммал дастур бўлиб ҳисобланади. Система кичик ва катта ҳажмдаги кутубхоналарни автоматлаштириш учун қилинган дастурдир. Система локал комьпютер тармоқларида ишлашга мўлжалланган бўлиб, у автоматлаштирилган ўзаро бир – бири билан боғлик бўлган 5 та бўлимдан иборат.
Кутубхона автоматлаштирилган ахборот тизимида (КААТ) ахборот қидирувининг бир қанча турлари мавжуд. Кутубхона автоматлаштирилган ахборот тизимида электрон каталогининг қидирув аппарати 3 гуруҳ қидирув элементларидан иборат бўлган база асосида тузилади:
1) бевосита китобда кўрсатилган ва тўғри киритилиши талаб қилинадиган элементлар: муаллифлик белгиси, муаллиф, муаллифдош, китоб номи, нашр этилган жойи (шаҳар), нашр йили, нашриётнинг номи, бетлар сони, расмлар сони, китобнинг нархи, сарлавҳа олди маълумотлар (нашрнинг қайси ташкилот ёки идора томонидан чиқарилиши), сарлавҳа ости, тиражи, қайта нашр этилганлиги, нашрнинг биринчи марта чиққан жойи, халқаро стандарти, сериал нашрларнинг халқаро рақами, қўшимча библиографик тавсифлаш учун маълумот, мавзули сарлавҳа, тавсифлаш кўрсаткичи – УДК (адабиётларни ўнли универсал таснифи (АУУТ)), ББК (кутубхонашунослик – библиографик таснифи (КБТ)) бўйича нашр кўрсаткичи, оммавий кутубхоналар учун жадвал;
2) тизимли индекслар мавжуд бўлган ва умумий қабул қилинган таснифлаш схемалари (КБТ ёки АУУТ) асосида каталоглаштириш жараёнида берилади;
3) ўз кутубхонасида каталоглаштириш жараёнида киритиладиган белгилар халқаро миқёсда мавжуд бўлган фанлар сарлавҳаси ёки таянч сўзларга асосланади.
ИРБИС автоматлаштирилган тизимнинг дастурий таъминоти Unimarc халқаро стандарти асосида яратилган. Ирбис системаси локал компьютер тармоқлари, шахсий компьютер яъни IBM PC компьютерлари, камида Windows 95 операцион тизими мавжуд бўлганда ишлайди.
ИРБИС тизими маҳаллий компьютер тармоғи асосида ўзаро боғланган беш турдаги автоматлаштирилган иш жойлари (АИЖ) мажмуидан ташкил топган. Улар қуйидагилардан иборат:
"Каталоглаштириш" (Электрон каталог) – Электрон шаклдаги маълумотлар базаларини ташкил қилиш (тўлдириш ва таҳрирлаш) бўйича барча амалларни бажарувчи кутубхона ходимининг автоматлаштирилган иш жойи. Маҳаллий компьютер тармоғи шароитида тизим битта маълумотлар базасини тўлдириш (таҳрирлаш) жараёнида бир пайтда ихтиёрий сондаги "Каталоглаштириш" АИЖларининг нормал ишлашини таъминлайди;
"Комплектлаш" АИЖи – махсус маълумотлар базасини (МБ) юритиш асосида кутубхона фондларини тўлдириш ва фондлар ҳисобини олиб бориш вазифаларини бажарувчи кутубхона ходимининг автоматлаштирилган иш жойи. Тизим битта маълумотлар базасини тўлдириш (таҳрирлаш) жараёнида бир пайтда ихтиёрий сондаги "Комплектлаш" АИЖларнинг нормал ишлашини таъминлайди;
"Китобхон" АИЖи – фойдаланувчининг (яъни, китобхоннинг) иш жойи ҳисобланиб, у китобхонга электрон каталогда кенг қамровли қидирув, топилган ахборотни кўриб чиқиш (ёки чоп этиш) ҳамда топилган адабиётлар билан танишиш мақсадида "Китоб бериш" АИЖига буюртма бериш имкониятларини яратади. Тизим бир пайтда битта электрон каталогда ихтиёрий сондаги фойдаланувчиларнинг қидирув ишларини олиб боришини таъминлайди;
"Китоб бериш" АИЖи – ҳосил этилган буюртмалар асосида адабиётларни бериш ҳамда уларни қайтариш бўйича амаллар бажарувчи кутубхона ходимининг иш жойи. Тизим адабиёт бериш учун ҳосил қилинган буюрмаларни навбати билан бажарилишини амалга оширади, яъни "Китобхон" АИЖида ҳосил қилинган буюртмалар бевосита "Китоб бериш" АИЖига тушади, кутубхона ходими томонидан буюртма берган китобхоннинг "параметр"лари (яъни қарзи бор – йўқлиги, китоб бериш мумкин – мумкинмаслиги ва ҳ.з.) текширилади ва сўнг буюртма бажарилади;
"Бошкарувчи" АИЖи – маълумотлар базалари устида тизим амалларини олиб борувчи, уларни актуал ҳолатда сақлаб турувчи, компьютер тизими ва кутубхона фаолияти билан яқиндан таниш бўлган компьютер бўйича мутахассиснинг иш жойи.
ИРБИС тизимининг дастур таъминоти CDS/SIS амалий дастурлар пакети асосида яратилган. Амалий дастурлар Delphi алгоритмик тилида ёзилган. ИРБИС нинг дастур таъминоти Windows операцион тизими муҳитида ишлайди.
Тизимнинг ахборот асосини қуйидаги олтита маълумотлар базаси (МБ) ташкил этади:
"Комплектлаштириш" маълумотлар базаси – олиш учун мўлжалланган адабиётларнинг қисқача библиографик тавсифини ҳамда буюртма ва обуна учун махсус маълумотларни сақлайди;
"Электрон каталог" маълумотлар базаси – (умумий ҳолда бундай МБ бир нечта бўлиши мумкин) – кутубхона фонди бўйича адабиётларнинг библиографик ҳамда технологик (махсус) тавсифларини сақлайди. Электрон каталог МБсининг номи – IBIS;
"Китобхон" маълумотлар базаси – рўйхатга олинган китобхонлар тўғрисида маълумотлар ҳамда адабиётларни бериш, қайтариб олиш ҳақида маълумотларни сақлайди;
"Буюртмалар" маълумотлар базаси – адабиётларни бериш учун жорий буюртмаларнинг навбатини ўз ичига олади;
Тизим маълумотлар базаси – ИРБИС тизими маълумотларини ҳамда асосий мавзулар бўйича классификатор маълумотларини сақлайди.
Автоматлаштирилган ахборот тизими шароитида кутубхонанинг фаолияти қуйидагича амалга оширилади: фойдаланувчи (яъни, китобхон) кутубхона компьютер хонасига ўрнатилган бир нечта "Китобхон" АИЖларидан бирига мурожат қилади, яъни ўз тартиб рақамини териб "Китобхон" АИЖини ишга туширади ва "қидирув" режимига ўтиб керакли адабиётларни сарлавҳада кўрсатилган калитли сўзлар ёки китоб автори бўйича қидирув амалларини бажаради. Қидирув амаллари "Электрон каталог" АИЖида автоматик равишда бажарилади. Қидирув натижасида нечта китоб топилганлиги ҳақидаги маълумотни экранда кўриб китобхон "кўриш" режимига ўтади ва топилган адабиётларнинг аннотацияси билан танишади. Агарда топилган адабиёт китобхонга керак бўлса у "Китоб бериш" тизимига буюртма беради, акс ҳолда топилган китоб ўз жойига қайтарилади. Топилган китоблар китобхонни қониктирмаса, у алоқадор қидирув режимига ўтиб шу фан йўналишига яқин бошқа адабиётларни топиши мумкин. "Китоб бериш" тизимида кутубхона ходими ушбу китобхон параметрлари (китобхоннинг қарзи борми ёки йўқ, адабиётнинг нусхаси борми ёки йўқ ва ҳ.к.) билан танишгач буюртмани бажаришга киришади.
Китоб мутолааси ва китобхонлик жараёнларини оптималлаштириш ҳар қандай жамиятнинг умумий тараққиёти, ижтимоий – иқтисодий, маънавий ва маданий ривожланишида пойдевор вазифасини ўтайди, уни сифат жиҳатидан янги босқичларга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда интернетнинг китоб мутолааси тизимига кириб келиши кутубхоначилик соҳасининг ҳам глобаллашув жараёнларига қўшилишига сабаб бўлди.
Автоматлаштирилган кутубхона – ахборот тизимлар фаолиятининг самарадорлиги асосан кадрлар таъминоти билан узвий боғлиқдир, зеро юқори малакали кадрларсиз кутубхона технологияларини автоматлаштиришда муваффақиятга эришиб бўлмайди. Кутубхонага кераклича дастурий, техник ва технологик воситалар сотиб олиш мумкин, аммо улардан самарали равишда фойдаланадиган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муаммоларини ҳал қилмай туриб Автоматлаштирилган кутубхона – ахборот тизимини яратиш мумкин эмас.

  • Кутубхоначи кадрлар тайёрлаш тажрибаси кутубхоначилар олдига қуйидаги талабларни қўймоқда:
  • Ахборотлаштириш шароитида кутубхоначилик ишини самарали таъминлаш учун зарур бўлган фундаментал билимларни пухта эгаллашни;
  • Кутубхона технологияларини чуқур ва ҳар томонлама билишни;
  • Автоматлаштирилган режимда каталоглаштириш ишини пухта ўзлаштиришни;
  • Фондларни шакллантириш ва сақлаш жараёнларига оид амалий кўникмаларни эгаллашни;
  • Ахборот оқимларини бошқариш ва кўп аспектли қидириш имкониятларидан фойдалана билишни;
  • Библиометрика, ҳужжатли оқимлар мониторинги, библиографик эвристика йўналишларидаги билимлар, малака ва кўникмаларга эга бўлиши талаб этмоқда.
  • Электрон кутубхона ресурсларидан фойдаланиш учун кутубхоначи албатта ахборот технологияларининг энг сўнгги ютуқларидан ўз фаолиятида

фойдаланиш малакаси ва кўникмаларига эга бўлиши лозим.
* * * * *
Кутубхоначилик касби ўта мураккаб касб бўлиб, турли – туман илмий масалалар: кутубхоначилик назарияси, услуби ва амалиёти масалаларини мустақил ҳал қилишга тўғри келади.
АКМ ва АРМларининг услубшунослари фаолияти анъанавий тарзда ривожланиб, малака ошириш курслари, маърузалар, тажриба алмашиш, кўргазмали тадбирларни ташкил этишни ўз ичига олиши мумкин.
Шунингдек, кенг режали мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш ва иш фаолиятида татбиқ этиш жоиз. Масалан:
• Кутубхоналар – соғлом турмуш тарзи учун.
• Жамият. Экология. Кутубхоналар.
• Ўлкам менинг – фахрим менинг.
АРМ ишини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаб олиш, буклетлар ва адабиётларнинг тавсия рўйхатларини нашр этиш мумкин:
• Анъаналарни сақлаган ҳолда янгиликлар излаймиз.
• Китобсиз жаҳонда яшаб бўлмайди.
• Ўзинг ва олам билан уйғунликда.
Кутубхоначи кадрлар малакасини ошириш ва такомиллаштириш мақсадида қуйидаги мавзуларда давра суҳбатлари, семинар – тренинглар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир:
• Жамиятда ўқиш маданиятини шакллантириш ва кутубхоначилик иши муаммолари.
• Электрон кутубхоналар ва электрон дарсликлар.
• Ахборот – кутубхона инфратузилмасининг ривожланишида янги ахборот технологиялари.
• Фан, таълим ва маданиятни кутубхоначилик ахборот таъминланиши масалалари.
• Мактаб кутубхоналари. Ахборот технологиялари асрида ривожланиш истиқболлари.
• Кутубхоначилик иши ва ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими ва илғор услублар.
• “ИРБИС мактаби” семинар – тренинги, ёки қисқа ўқув машғулотлари.

Кутубхоначилик машғулотларини тайёрлаш ва ўтказиш жараёни технологияси.
1. Тайёрлов босқичи.
1.1 Машғулот ўтказиш учун жой танлаш.
1.2 Тайёргарлик даражасини аниқлаш.
1.3 Машғулот мавзусини танлаш.
1.4 Ҳужжатли манбаларни ажратиш ва ўрганиш.

  • "Ахборот олиш маданияти асослари", "Кутубхоначилик – библиографик билимлар" дастурларини ўрганиш.
  • АРМнинг маълумотнома – библиографик аппаратини кўздан кечириш.
  • Услубий марказларнинг ахборот ва библиогрфик нашрларини ўрганиш.
  • Ажратиб олинган ҳужжатли манбаларнинг ишчи картотекасини тузиш.

1.5 Машғулотлар режасини тузиш:

  • Машғулотнинг асосий мақсадини аниқлаш.
  • Машғулот жараёнида эгаллаш лозим бўлган билим, малака, кўникмалар ҳажмини аниқлаш;
  • Машғулотларнинг мазмунини белгилаш;
  • Амалий машқларни ишлаб чиқиш;
  • Кўргазмали материалларни тайёрлаш;
  • Қўйилган мақсадга эришиш;
  • Янги материални ўрганишни ташкил этиш даражаси;
  • Намойиш қилинадиган материалдан (каталоглар, картотекалар, плакатлар, китоб кўргазмаси, альбомлар) фойдаланиш мақсадига эришилганлиги.

1.6. Ўтказилган машғулотга баҳо бериш:

  • Билимларнинг чуқурлиги, уларни ўзлаштириш савияси;
  • Амалий топшириқларни бажариш сифатлиги;
  • Қатнашувчиларнинг фаоллиги, аудиториянинг кайфияти.

АРМ лари фойдаланувчиларга ҳозирги замон ахборот технологиялари ҳақида маълумот бериш, уларга керакли ахборотни турли хил нашрлардан (китоблар, қомуслар, луғатлар, даврий нашрлар) мустақил равишда қидиришга ўргатиш, теварак – атрофдаги оламни билишга бўлган қизиқишларини мустаҳкамлаш, шунингдек китобхонларни илмий, бадиий адабиётларга, маълумотнома, қомусий китобларга ошно этиш, улар билан мустақил ишлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида турли дастурлар, илмий – услубий библиографик қўлланмалар, ўқиш режалари, тавсиялар, рисолалар, ахборот хатлари, бюллетенлари, варақалари ишлаб чиқиши ва тавсия этиши мақсадга мувофиқ.
Фойдаланувчилар билан иш олиб боришда турли усуллар – шарҳлар, саёҳатлар, маълумот беришлар, мустақил ишлар ва амалий машғулотлардан фойдаланишни режалаштириш керак.
Қуйида яна Ахборот – ресурс марказларида ўтказиш мумкин бўлган тадбирлар мавзуларини ҳавола этамиз. Мавзулар тахминий бўлиб, ҳар бир АРМ тадбирларнинг ўзи учун маъқул шаклини танлаб олиши, уларни маҳаллий материаллар билан тўлдириши мумкин.
Қуйидаги мавзуларга бағишлаб семинар – машғулотлар, кутубхоначилик дарслари, кутубхона – библиографик билимлар машғулотлари, давра суҳбати, мунозара, учрашув ва бошқа тадбирларни ўтказишингиз мумкин:

  • Ахборотларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти.
  • Ахборот олиш маданияти. Асосий тушунчалар.
  • Жамиятнинг ҳозирги замондаги тараққиётида ахборотларнинг роли.
  • Жамият ахборот заҳираларининг пайдо бўлиши тарихи. Ахборотларни сақлаш усуллари.

Амалий машғулотлар мавзулари:

  • Ахборотнинг ҳужжатли манбалари.
  • Кутубхона – ахборот маркази.
  • Медиатека нима?
  • Китоб билан ишлаш методлари.
  • Маълум мавзу бўйича ахборотни қидиришга доир амалий машғулотлар (маълумотнома нашрлар, қомуслар).

Қуйидаги мавзуларда услубий – библиографик қўлланмалар, тавсияномалар, адабиётлар тавсия рўйхатлари, буклетлар, ахборот варақалари тузишни тавсия қиламиз:

  • Библиография. Библиографик ахборот тушунчалари билан танишув. Библиографик ахборотнинг амалий қўлланиши (библиографик қўлланмалар).
  • Китобхоннинг ахборот олиш эҳтиёжини шакллантириш.
  • Китобдаги маълумотнома аппаратининг аҳамияти, ундан фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш (тузилиш таркиби: сўзбоши, сўнгги сўзнинг аҳамияти, шарҳлар, иловалар).
  • Ҳужжатни мустақил қидиришга ўргатиш, китобхоннинг билиш қизиқишини ва мантиқий тафаккурини ўстириш.
  • Китоб ўқиш маданияти. Китоб ўқиш турлари билан танишиш.
  • Даврий нашрларнинг роли ва аҳамияти (даврий матбуотни ўқиш маданияти).
  • Замонавий ахборот ташувчилар, уларнинг фойдаланиш имкониятлари.
  • Замонавий ахборот технологиялари, Интернет ва ZiyoNET.

Ахборот тақдим этишдаги янги шакллардан (маълумотлар базаси, электрон китоблар) жорий этилиши, ахборотга ишлов беришда компьютер технологиялари ривожланиши электрон каталогли автоматлаштирилган кутубхоналарнинг пайдо бўлиши – буларнинг барчаси ахборот билан ишлашда самарали усуллари ва воситаларини излаш соҳасида "Компьютер саводхонлиги" тушунчасини илгари суради.
Компьютер саводхонлиги бу информатика соҳасида китобхоннинг ўз фаолиятида компьютер технологиялардан самарали фойдаланиши учун зарур бўлган билим, малака ва кўникмалардир. Компьютер техникасининг қурилиши ва имкониятларини билиш компьютер саводхонлигини эгаллаш жараёнида матнни ёзиш ва таҳрир қилиш, ахборотни қидиришда компьютердан фойдаланиш малакаси шаклланади.
Кутубхоначилик жамоачилигининг асосий вазифаси ёшлар онгида миллий истиқлол ғоясини шакллантириш ва мустаҳкамлашда ўз муносиб ўрнини эгаллашдан иборат. Бунинг учун кутубхоналар фондини тўкислаш жараёнига ҳам катта эътибор берилиши лозим, чунки кутубхона фондининг ҳолати ёшларга кутубхоначилик хизмати кўрсатиш жараёнига жиддий таъсир кўрсатади. Кутубхоналар китобхонларнинг халқимизнинг бой маданий – тарихий ва маънавий меросига оид китобларини ўрганишларига, жаҳон цивилизациясига керакли шахсни тарбиялашга ёрдам берувчи адабиётларни олишларига эътибор беришлари лозим.
Фондларни тўкислаш жараёни кўп ҳолларда ёшларга таклиф қилинаётган китоблар орқали миллий истиқлол ғоясининг моҳиятини тушунтириб беради ва кутубхоначилик хизматларини белгилайди.

"Кутубхоналарда ахборот технологиялари" китобининг тақдимотини ўтказиш бўйича тавсиялар.
Китоб тақдимотини ўтказиш учун қуйидаги вазифаларни бажариш лозим бўлади.
Мавзу бўйича тадбир ўтказиш учун тайёргарлик кўриш керак: эълонлар ёзилиб тегишли жойларга қўйилади, таклифномалар юборилади, адабиётлар кўргазмаси ташкил қилинади ва адабиётлар шарҳига тайёргарлик кўрилади.
Китоб тақдимоти ўтказиладиган жой белгиланади ва безалади. Ушбу тадбирга биринчи навбатда кутубхона ходимлари, китобхонлар, сўнгра олимлар, ўқитувчилар, талабалар тариқатчилар, маънавият маркази ходимларини таклиф қилиш мақсадга мувофиқдир.
Китобхонларнинг эътиборини ахборот технологиялари нашрларига, компьютер саводхонлиги ҳақидаги асарларга қаратиш керак. Китоб тақдимоти ўтказиладиган жойда ахборот технологияларига бағишланган адабиётлар ва вақтли матбуот нашрлари кўргазмасини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Китоб тақдимотига қўйилган асосий бўлимлар:
1. "АКМ ва АРМларида ахборот технологияларининг қўлланилиши". – Кириш сўзи. (Тадбирни бошлаб берувчи ходим (кутубхона раҳбари, бўлим мудири ва бошқалар) га сўз берилади).
2. "АКМ ва АРМларини автоматлаштириш босқичлари" мавзусида маъруза қилиш учун мутахассис ходимга сўз берилади.
3. "АКМ ва АРМларининг электрон хизматлари" мавзусида маъруза – суҳбат.
4. "Ўзбекистон Республикаси кутубхоналарининг бугунги кундаги тараққиёти ва ривожланиш масалалари" хусусида маъруза – музокара.
Қатнашувчилар томонидан бериладиган саволларга мутахассилар, АКМ ва АРМ ларининг етакчи раҳбарлари ва ходимлари жавоб берадилар. Тақдимотда "Кутубхоналарда ахборот технологиялари" мавзусидаги китоб кўргазмаси олдида адабиётлар шарҳи ўтказилиши мумкин.

"Кутубхоналарда ахборот технологиялари" мавзусидаги китоб кўргазмасининг тахминий режаси.
Сарлавҳа

1. Ажратгич 1.Цитата

2. Цитата
2. Ажратгич

Тадбирларга жойлардаги "Маънавият ва маърифат", "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Олтин мерос", "Соғлом авлод учун", "Маҳалла", "Нуроний" жамғармалари вакиллари, хотин – қизлар қўмиталарини, филологлар, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, санъаткорлар ҳамда кенг китобхонлар оммасини жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Фойдаланиш учун адабиётлар.

Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиклол, иктисод, сиёсат, мафкура. Т. 1.– Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
Каримов И.А. Биздан озод ва обод Ватан колсин. Т. 2. – Т.: Узбекистон, 1996. – 380 б.
Каримов И.А. Ватан саждагох каби мукаддасдир. Т. 3. – Т.: Узбекистон, 1996. – 366 б.
Каримов И.А. Бунёдкорлик йулидан. Т. 4. – Т.: Узбекистон, 1996. – 349 б.
Каримов И.А. Янгича фикрлаш ва ишлаш – давр талаби. Т. 5. – Т.: Узбекистон, 1997. – 384 б.
Каримов И.А. Хавфсизлик ва баркарор тараккиёт йулида. Т. 6. – Т.: Узбекистон, 1998. – 429 б.
Каримов И.А. Адолат, Ватан ва халк манфаати хар нарсадан улуг. – Т.: Узбекистон, 1998. – 64 б.
Каримов И.А. Узбекистон XXI асрга интилмокда. – Т.: Узбекистон, 1999. – 48 б.
Каримов И.А. Миллат кудрати – хамжихатликда. // Халк сузи. – 1999. – 27 март.
Каримов И.А. Интилиш, изланиш, ташаббус – тараккиётимиз омили. // Халк сузи. – 1999. – 19 июнь.
Жалолов А. Ўзбекистон мустақиллик, маънавият, мафкура: (Фалсафий – сиёсий мусоҳабалар ва мақолалар). – Т.: Ўзбекистон, 1994. – 96 б.
Аҳмедов А. Информатика асослари. – Т., 2002.
Аҳмедов А. Компьютер олами. – Т., 2001.
Ғуломов С., Шермуҳаммедов А., Бегалов Б. Иқтисодий информатика. – Т., 2000.
www.google.uz. Интернет сайтининг материаллари.
Тимофеева Н. Чем ты занят, подросток?… // Библиотека. – 2000. - № 2. – С. 53 – 54.
Ксу Хонг, Патрик Дженифер. Библиотечно – информационное обслуживание малого бизнеса. // Науч. и техн. библиотеки. – 2000. - № 3. – С. 70 – 79.
Проблемы Интернет в США. // Науч. и техн. библиотеки. – 2000. - № 6. – С. 68 – 70.
Фотонов Г. Наш сегмент в информационном поле. // Библиотека.– 2001.- № 1.– С.6 – 9.

Unless otherwise stated, the content of this page is licensed under Creative Commons Attribution-ShareAlike 3.0 License