КУТУБХОНАЧИЛИК ИШИ ТАРИХИ

ЎРТА ОСИЁДА КУТУБХОНАЧИЛИК ИШИ ТАРИХИНИНГ МАНБАЛАРИ

“Тарихий манбалар” атамасининг замонавий талқини анча серқамров. Кенг маънода у кишилик жамиятининг ўтмишини тиклаш учун зарур ва фойдали бўлган ахборотга эга ва бундай ахборотни беришга қодир ҳар қандай ҳодисани қамраб олади. Маълум воқеликнинг изи сифатида, юқорида зикр этилган ҳар қандай ҳодиса тарихчидан қатъи назар яшайди ва тарихий ўрганиш объекти деб қаралган тақдирдагина тарихий манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ҳар қандай тарихий ёдгорликнинг тарихий манба бўлиб хизмат қилишга яроқлилиги ва “тайёрлиги” даражаси ҳамда тарихий манба мақомига эга бўлиш ҳуқуқи бир хил эмас. Бунинг устига, тарихий ёдгорликнинг бирламчи ахборот ресурслари илмий-тарихий изланишнинг талабларига, шунингдек унинг методлари ва амалларининг мукаммаллигига, тарихчининг касбий маҳоратига қараб изчил, босқичма-босқич ўзлаштирилади.
Манбалар салоҳияти, уларда зоҳир ахборотларнинг сони ва сифати ҳам интенсив, ҳам экстенсив йўл билан очиб берилиши ва ифодаланиши мумкин ва лозим. Биринчи ҳолатда муайян манбада ўз аксини топган тарихий воқеликнинг янги-янги қирраларини аниқлаш ва улардан фойдаланиш, илгари аниқланмаган маърифий-тарихий ресурсларни топиш ва улардан фойдаланиш назарда тутилади. Тадқиқотчиларнинг янги-янги авлодлари бир қарашда яхши маълумдек туюладиган ёдгорликларда ҳали аниқланмаган ва фойдаланилмаган ахборот ресурсларини кашф этаётганлари бежиз эмас. Зотан, мазкур ахборот ресурслари бизнинг тарихий ўтмиш ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитиш, баъзан эса уларга аниқлик киритиш имконини беради. Бу нуқтаи назардан олиб қараганда, тарихий манбалар илмий фойдаланиш учун битмас-туганмас салоҳиятга эга.
Кутубхоначилик иши тарихида моддий манбалар, асосан китоблар тарихий китобшунослик таҳлили объекти сифатида, уларнинг тарихан шаклланган қиёфаси, адади ва алоҳида (нусхама—нусха) хусусиятлари, ниҳоят, айирбошлаш фактологияси, яъни китобни сақлаш, унинг ижтимоий ва жисмоний ноёблик хусусиятлари, унга эгаликни баҳолаш (мазкур китобга ким, қачон, қайси кутубхона эгалик қилганлигини аниқлаш), китобнинг ўзидаги манбалар: титул ва чиқиш маълумотлари, китоблардаги қайддар, эсдалик қайдлари, дастхатлар, савдо ва кутубхона қайдлари, муҳрлар, экслибрислар (китоб эгасининг шахсий тамғаси) муҳим аҳамиятга эга.
Ўрта асрлардаги кутубхоналар ҳақида маълумотлар қўлёзма китобларнинг ҳошияларидаги қайдларда, китобларнинг эгаларининг қайдларида учрайди. Кутубхоналарнинг номлари кўпинча китоб эгаларининг шахсий тамғалари экслибрисларда кўрсатилади.
Кутубхоначилик иши тарихига оид жуда кўп материаллар идораларнинг архивларида ва шахсий архивларда учрайди. “Архив” деганда муассаса, корхона, ташкилот, оила, алоҳида шахснинг фаолияти натижасида юзага келган ҳужжатлар мажмуи тушунилади. Кутубхоначилик ишига раҳбарлик қилган ёки кутубхоналарни назорат қилган идораларнинг архивлари, уни— версал (илмий ва оммавий) ҳамда махсус кутубхоналар, жамоат ташкилотлари кутубхоналари ҳужжатларининг тўпламлари, кутубхоначилик инш арбобларининг шахсий архивлари айниқса диққатга сазовордир.

Абдулла Кодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият Институти «Хужжат юритиш, хужжатшунослик архившунослик» булими
2-курс магистранти Нилуфар Рузиева

Unless otherwise stated, the content of this page is licensed under Creative Commons Attribution-ShareAlike 3.0 License